Акциз солиғини тўловчилар (бундан буён ушбу бўлимда солиқ тўловчилар деб юритилади) деб қуйидаги шахслар эътироф этилади:
1) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциз солиғи солинадиган товарларни (акциз тўланадиган товарларни) ишлаб чиқарувчилар;
2) табиий газни истеъмолчиларга реализация қилишни амалга оширувчилар;
3) бензин, дизель ёқилғисини якуний истеъмолчиларга реализация қилишни, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали, шунингдек газни газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш пунктлари орқали реализация қилишни амалга оширувчилар. Ушбу бўлимни қўллаш мақсадида якуний истеъмолчилар деганда ўз эҳтиёжлари учун бензин, дизель ёқилғиси ҳамда газ олувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади;
(283-модда биринчи қисмининг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)
4) оддий ширкат иштирокчиси бўлган, оддий ширкат шартномаси доирасида амалга ошириладиган акциз тўланадиган товарни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган фаолият бўйича оддий ширкат ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс;
5) Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди орқали акциз тўланадиган товарларни олиб ўтувчилар. Божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ мазкур шахслар солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.
(283-модда биринчи қисмининг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган, акциз солиғи солинадиган товарларни ишлаб чиқарувчи ёки шундай товарларни олиб киришни амалга оширувчи чет эл юридик шахслари ҳам солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.
(283-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)