Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш ушбу Кодекснинг 385 ва 388-моддаларида назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда божхона органлари томонидан амалга оширилади. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг суд органларига мурожаат қилиши ва суднинг ишни судда кўриш тайинланганлиги тўғрисидаги ажримини божхона органларига тақдим этиш мақсадида амалга оширилади.
Божхона органи декларантни ва ҳуқуқ эгасини ёки унинг ваколатли вакилини товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш сабаблари ва муддатлари тўғрисида зудлик билан хабардор қилади.
Ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш натижасида декларантга етказилган зарар учун, агар суд интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ бузилганлиги тўғрисида қарор чиқармаса, белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлиги белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юбориш ўн иш кунига қадар тўхтатиб турилган тақдирда, божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритилган пул маблағларининг ўттиз фоизи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг махсус жамғармасига ўтказилади.
(390-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)