Бюджет маблағларини тақсимловчилар:

бюджетдан ажратиладиган маблағларни олиш учун бюджет сўровларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади;

(31-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)

бюджет буюртмаларини тузиш учун кўрсаткичларни ва материалларни ўз тасарруфидаги ташкилотларга етказади;

харажатлар сметалари ва штат жадвалларини тузиш учун ўз тасарруфидаги ташкилотларга уларнинг тегишли молия йилига бюджетдан ажратиладиган маблағлари ҳажмларини етказади;

ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметалари ва штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

тасдиқланган харажатлар сметаларини ва жамланма харажатлар сметаларини, штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этади;

(31-модда биринчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)

харажатлар сметалари ва штат жадвалларидаги ўзгартиришлар тўғрисида ўз тасарруфидаги ташкилотларни хабардор қилади;

ўз тасарруфидаги ташкилотларда бюджет ҳисоби юритилишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

ўз тасарруфидаги ташкилотлардан молиявий ҳисоботларни қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли давр учун жамланма молиявий ҳисоботлар тақдим этади.

(31-модда биринчи қисмининг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар ўзининг жорий харажатларини, шу жумладан давлат ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағларни бир ривожлантириш дастуридан иқтисод қилинган маблағлар доирасида бошқа ривожлантириш дастурига қайта тақсимлашга ҳақли.

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга мувофиқ ўзларига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратилган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва улардан самарали фойдаланиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтказиладиган мажлисларда иштирок этади ҳамда ушбу масалалар бўйича ҳисобот беради.

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ташаббусига кўра, уларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилганда, зарур ҳолларда мазкур лойиҳа ташаббускорлари томонидан бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

(31-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонунига асосан иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)

Бюджет маблағларини тақсимловчилар қонунчиликка мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

(31-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)