Кассация инстанцияси суди кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:

1) кассация шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган ёки ушбу Кодексга мувофиқ кассация тартибида шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва у иш юритишга хатога йўл қўйилиб қабул қилинган бўлса;

(407⁹-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 28 январдаги ЎРҚ-1022-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 03/25/1022/0083-сон)

2) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у иш юритишга хатога йўл қўйилиб қабул қилинган бўлса;

3) кассация шикояти (протести) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

4) кассация шикоятидан воз кечиш тўғрисидаги ариза кассация шикоятини берган шахсдан кассация шикояти иш юритишга қабул қилинганидан кейин келиб тушган бўлса;

5) протестни чақириб олиш тўғрисидаги ариза протест келтирган прокурордан ёки юқори турувчи прокурордан кассация протести иш юритишга қабул қилинганидан кейин келиб тушган бўлса;

6) ишда тараф бўлган юридик шахс кассация шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилган бўлса;

7) ишда тараф бўлган фуқаро кассация шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унда суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал этилиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича кассация шикояти (протести) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.

(407⁸ ва 407⁹-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-833-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.04.2023 й., 03/23/833/0236-сон)

(408-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)

(409-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)