Вояга етмаган шахс тавсифланганлиги ёки тасвирланганлиги айбдорга аён бўлган порнографик маҳсулотни тарқатиш мақсадида сақлаш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этиш, —

беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(129¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1130-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2026 й., 03/26/1130/0376-сон)