Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
(132-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(132-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 февралдаги ЎРҚ-754-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.02.2022 й., 03/22/754/0134-сон)
Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, —
беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(132-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 февралдаги ЎРҚ-754-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.02.2022 й., 03/22/754/0134-сон)
Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
(132-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)