Алкоголизмга, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка йўлиққан ёхуд ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахслар томонидан жиноят содир этилган тақдирда, агар тиббий хулоса мавжуд бўлса, суд жазо тайинлаш билан бирга уларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаши мумкин.
(96-модданинг номи ва биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 сентябрдаги ЎРҚ-567-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.09.2019 й., 03/19/567/3737-сон)
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган бўлса, тиббий муассасаларда мажбурий даволаниши лозим.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган бўлса, уларни даволаш жазони ўтаётган жойда амалга оширилади, жазони ўтаб бўлганидан кейин агарда даволашни давом эттиришга зарурат бўлса, умумий асосда тиббий муассасаларда даволанади.
(96-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 13-сон, 194-модда)