Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 128-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Аризада қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг номи;

2) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, эълон қилиш манбаи ва у тўғрисидаги бошқа маълумотлар;

3) аризачининг фикрига кўра, унинг ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг айрим қисмлари билан бузилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари;

4) аризачининг фикрига кўра, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг алоҳида қисмлари нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган қайси қонунчилик ҳужжатига зид бўлса, ўша қонунчилик ҳужжатининг номи;

(180-модда иккинчи қисмининг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

5) аризачининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби.

Аризага ушбу Кодекснинг 130-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек низолашилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матни илова қилинади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга ариза берилганлиги низолашилаётган ҳужжатнинг ёки унинг айрим қоидаларининг амал қилишини тўхтатиб турмайди.