Болаларни тутинган (фостер) оилага олиш тўғрисидаги шартнома васийлик ва ҳомийлик органлари билан тутинган ота-она ўртасида тузилади.
Болаларни тутинган (фостер) оилага олиш тўғрисидаги шартномада болаларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш, тарбияга олган тутинган ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, васийлик ва ҳомийлик органларининг болаларни тарбияга олган оилага нисбатан мажбуриятлари, шунингдек бундай шартномани бекор қилиш асослари ва оқибатлари кўрсатилиши керак.
Шартнома тузилишидан олдин болани тарбияга олаётган шахснинг турмуш шарт-шароитлари ва оила аъзоларининг соғлиғи текширилади.
Болаларни оилага тарбияга (патронат) олган шахсларга оилага тарбияга олинган боланинг таъминоти учун ҳар ойда нафақа, шунингдек кийим-бош ва пойабзал олиш учун ҳар йили бир марталик тўлов қонунчиликда белгиланган миқдорда тўлаб борилади.
Болаларга оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатишнинг бошқа шаклида ҳар бир тарбияланувчининг яшаш харажатлари ҳамда парвариш қилиниши учун тутинган ота-онага тўланадиган маблағлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўланади.
(195-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1174-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1174/0920-сон)