Агар ушбу моддада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, сотиб олинган товарларнинг (хизматларнинг) қийматида қўшилган қиймат солиғи бўйича қуйидаги чиқимлар ҳисобга олинади:
1) ушбу Кодекснинг 267-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисобга олинмайдиган қўшилган қиймат солиғи суммаси;
2) ушбу Кодекс 268-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган тартибда қўшилган қиймат солиғи суммаси;
3) ушбу Кодекснинг 270-моддасида кўрсатилган ҳолда қўшилган қиймат солиғига тузатиш киритиш суммаси.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобга олинмайдиган қўшилган қиймат солиғи суммасини қуйидаги ҳолларда харажатлар жумласига киритишга ҳақли:
1) ушбу Кодекс 268-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ мутаносиб усулни қўллашда;
2) агар солиқнинг тузатиш киритиш суммасини бундай тузатиш амалга оширилаётган сотиб олинган товарларнинг (хизматларнинг) қийматига киритиш мумкин бўлмаса, қўшилган қиймат солиғига ушбу Кодекснинг 269 ва 270-моддаларига мувофиқ тузатиш киритишда;
3) ушбу Кодекснинг 271-моддасида назарда тутилган тартибда қўшилган қиймат солиғига тузатиш киритишда.