Қуйидагилар солиқ базасидир:
1) ушбу Кодекс 411-моддаси иккинчи қисмининг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган объектлар бўйича — ўртача йиллик қолдиқ қиймати.
Кўчмас мулкнинг қолдиқ қиймати ушбу мол-мулкнинг бошланғич (тикланиш) қиймати билан солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амортизация миқдори ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.
Солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида ушбу Кодекс 411-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган объектларга нисбатан солиқ базаси қуйидаги миқдорларда 1 кв. метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас:
Тошкент шаҳрида — уч миллион беш юз ўттиз минг сўм;
Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида — икки миллион уч юз эллик минг сўм;
бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда — бир миллион уч юз тўқсон минг сўм;
(412-модда биринчи қисми 1-бандининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари ушбу бандда белгиланган энг кам қийматга туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициент киритиши мумкин.
Агар объектнинг 1 кв. метри қиймати ушбу бандда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли. Бунда мустақил баҳолаш натижалари, шу жумладан солиқ тўловчи томонидан ўтган икки йилда ўтказилган мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади.
(412-модда биринчи қисми 1-бандининг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 июлдаги ЎРҚ-785-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2022 й., 03/22/785/0679-сон — ушбу хатбошининг қоидалари 2022 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)
Ушбу бандда белгиланган энг кам қиймат татбиқ этилмайдиган кўчмас мулк объектлари қонунчиликда белгиланади.
(412-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 июлдаги ЎРҚ-785-сонли Қонунига асосан тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2022 й., 03/22/785/0679-сон — ушбу хатбошининг қоидалари 2022 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)
2) ушбу Кодекс 411-моддаси иккинчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган объектлар бўйича — тугалланмаган қурилишнинг ўртача йиллик қиймати;
3) ушбу Кодекс 411-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида белгиланган объектлар бўйича — мазкур объектларнинг ўртача йиллик қиймати (реализация қилинмаган қисми бўйича);
4) давлат кўчмас мулк объектини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорга мол-мулк солиғи, агар мазкур объект учун унга «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгисини қўйган ҳолда давлат ордери берилган бўлса, объектнинг харидор томонидан мазкур объект бўйича сотиб олиш тўловларининг тўланган қисмига мутаносиб равишдаги улушга (фоизга) тенг ўртача йиллик қолдиқ қиймати.
Бунда солиқлар давлат кўчмас мулк объекти бўйича сотиб олиш тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш графигига амал қилган ҳолда ундирилади. Ушбу график Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Солиқ қўмитасига ахборот тизимлари орқали тақдим этилади.
(412-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 мартдаги ЎРҚ-1122-сонли Қонунига асосан 4-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.03.2026 й., 03/26/1122/0250-сон)
Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг кўчмас мулк объектларига нисбатан солиқ базаси ушбу мол-мулкнинг ўртача йиллик қийматидир.