Солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда солиқ базаси қуйидагиларнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига (ўртача йиллик қийматига) камайтирилади:
1) маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш (бундан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари мустасно), жисмоний тарбия ва спорт, ижтимоий таъминот объектларининг;
(414-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)
2) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун, шунингдек ипак қурти етиштириш учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган мол-мулкнинг;
3) янги нефть ва газ қудуқларининг — улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб икки йил муддатга;
(414-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонунига асосан 3-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон)
4) рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган юқори технологияли ишлаб чиқаришга асосланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни жорий этган солиқ тўловчилар объектларининг юқори технологияли ишлаб чиқариш ускуналари эгаллаган қисми бўйича — ушбу ускуналар фойдаланишга қабул қилинган санадан эътиборан уч йил муддатга.
(414-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1104-сонли Қонунига асосан 4-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1104/1213-сон)
Ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган янги нефть ва газ қудуқларига нисбатан солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати тугагандан кейин уч йил давомида белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкаси қўлланилади.
(414-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон)
Қуйидагилар солиқдан озод қилинади:
1) ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган ва ходимларининг умумий сонида ногиронлиги бўлган шахслар камида 50 фоизни ташкил этадиган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар;
2) умумий қуввати қуйидагича бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари:
100 кВтгача бўлган — қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан уч йил муддатга, қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини тўплаш тизими билан қуёш панеллари ўрнатилганда эса — ушбу панеллар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан ўн йил муддатга;
100 кВт ва ундан ортиқ бўлган — улар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан ўн йил муддатга;
(414-модда учинчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)
3) қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шу жумладан уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар;
(414-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 июлдаги ЎРҚ-785-сонли Қонунига асосан 3-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2022 й., 03/22/785/0679-сон — ушбу банднинг қоидалари 2022 йил 1 апрелдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)
Янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари бўйича (бундан республика шаҳарларида, шунингдек Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашган бинолар мустасно) солиқ тўловчилар ҳисобланган солиқ суммасини уч қаватли бинога нисбатан — 0,9, тўрт қаватли бинога — 0,8, беш қаватли бинога — 0,7, олти қаватли бинога — 0,6, етти ва ундан юқори қаватли бинога — 0,5 пасайтирувчи коэффициент қўлланилган ҳолда, ушбу бинолар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан уч йилдан кўп бўлмаган муддатда тўлайди. Бунда ушбу қисмда белгиланган пасайтирувчи коэффициент:
маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ёрдамчи хоналарни, хусусан, офис учун ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни реализация қилиш учун хоналарни, тегишли касбни эгаллаш учун ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш хоналарини ҳисобга олган ҳолда, агар уларнинг майдони янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш биноси умумий майдонининг 20 фоизидан ошмаса;
агар бинодан бир нечта хўжалик юритувчи субъект ишлаб чиқариш мақсадларида биргаликда фойдаланаётган бўлса, бинонинг ҳар бир мулкдори томонидан қўлланилади.
(414-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь. 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш биноларига нисбатан ҳам қўлланилади)