Солиқ солиш объектларининг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймат) солиқ давридаги ҳар бир ойнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра солиқ солиш объектларининг қолдиқ қийматларини (ўртача йиллик қийматларини) қўшишдан олинган сумманинг ўн иккидан бир қисми сифатида ортиб борувчи якун билан аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг кўчмас мулк объектлари бўйича солиқ базаси мазкур объектларга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган қиймат асосида аниқланади.

Солиқ базаси ҳар бир солиқ солиш объекти бўйича алоҳида аниқланади.

Солиқ тўловчи томонидан солиқни тўлаш назарда тутилмаган фаолият турлари амалга оширилган тақдирда, солиқ базаси солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган мол-мулк ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш асосида аниқланади. Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишнинг имкони бўлмаса, солиқ базаси солиқ тўланиши назарда тутилган фаолиятдан олинадиган соф тушумнинг жами соф тушум ҳажмидаги улушига қараб аниқланади.