Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларга иккиламчи ижарага берилиши (уларни учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) мумкин.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси бир йилгача бўлган муддатга, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш учун ўн йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
(24²-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 17 июлдаги ЎРҚ-936-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.07.2024 й., 03/24/936/0522-сон)
Фойдаланишга киритилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш шартномасининг муддати ушбу Кодекснинг 24¹-моддасида назарда тутилган ҳолларда, тарафларнинг келишувига кўра белгиланади ва у қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ижарага бериш шартномаси муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартлари ва муддатлари тарафларнинг келишувига кўра белгиланади ҳамда шартнома билан мустаҳкамланади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага берганлик учун ҳақ ундириш тартиби ва миқдорлари қонунчиликка мувофиқ иккиламчи ижара шартномасида белгиланади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномаси қонунчиликда назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
(24²-модданинг бешинчи ва олтинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Агар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ижарага бериш шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу шартномани муддатидан илгари бекор қилиш қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасининг бекор қилинишига сабаб бўлади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш тарафларнинг келишувига кўра, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.