Божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар учун божхона декларацияси товар келиб тушадиган божхона органига товарлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календарь кундан кечиктирмай берилади, бундан ушбу Кодекснинг 22, 23 ва 25-бобларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Агар божхона декларациясини тақдим этиш муддатининг тугаши божхона органи ишламайдиган кунга тўғри келиб қолса, божхона органининг навбатдаги иш куни шу муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.
Транзит декларацияси божхона ҳудудига кириб келаётган товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар ёки кесиб ўтиш вақтида берилади.
(261-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)
Олиб чиқилаётган товарлар учун божхона декларацияси улар амалда олиб чиқиб кетилгунига қадар берилади.
Товарларнинг ўзини олиб чиқмасдан ёки уларни олиб кирмасдан божхона режими ўзгартириладиган товарларга нисбатан божхона декларацияси аввалги божхона режими тугаллангунига қадар берилади.
Жисмоний шахслар томонидан товарларни нотижорат мақсадларда қўл юкида ва кузатиб бориладиган багажда божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона декларацияси товарларни тақдим этиш билан бир вақтда берилади.
Божхона ҳудудига кириб келаётган транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтганидан сўнг уч соатдан кечиктирмай декларацияланади, божхона ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситалари эса божхона чегарасини кесиб ўтишдан камида уч соат олдин декларацияланади.