Товарларни дастлабки декларациялаш уларни божхона ҳудудига етиб келгунига қадар декларациялаш бўлиб, у декларантнинг хоҳишига кўра қўлланилиши мумкин.
Агар божхона мақсадлари учун товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланиш назарда тутилса, дастлабки божхона декларациясига ушбу ҳужжатларнинг декларант томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинади ва, зарур бўлган ҳолларда, товарлар божхона ҳудудига етиб келганидан кейин божхона органи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларида кўрсатилган маълумотларни ҳужжатларнинг асл нусхасидаги маълумотлар билан таққослайди.
Товарлар божхона ҳудудига келгунига қадар маълумотларни таққослаш тугалланганидан ва тегишли божхона тўловлари тўланганидан ёки ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловларини тўлаш таъминоти тақдим этилганидан кейин дастлабки божхона декларациясидан товарларга божхона операциялари қўлланилиши учун зарур ягона ҳужжат сифатида фойдаланилади, бундан декларацияда барча зарур маълумотларнинг кўрсатилмаганлиги ва (ёки) божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги ҳоллари мустасно.
(262-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)
Агар дастлабки божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида унда кўрсатилган товарлар божхона органига тақдим этилмаган бўлса, дастлабки божхона декларацияси берилмаган деб ҳисобланади.
(262-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)