Божхона расмийлаштируви тугалланганидан ва товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилганидан кейин, божхона юк декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида божхона юк декларациясини божхона органининг талаби билан ёки ваколатли шахснинг аризасига кўра ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёхуд бекор қилиш мумкин.

Агар божхона органи декларант ёки божхона брокери томонидан кўрсатилган сабабларни асосли деб топса, божхона юк декларацияси товарлар чиқариб юборилгунига қадар декларант ёки божхона брокери томонидан қайтариб олиниши мумкин. Олиб чиқилаётган товарларга доир божхона юк декларацияси ушбу товарларни олиб чиқишга рухсат берилганидан кейин ҳам, лекин улар амалда олиб чиқилгунига қадар қайтариб олиниши мумкин.

Электрон шаклдаги божхона юк декларациясида кўрсатилган маълумотларга ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш божхона юк декларациясига тузатишлар киритиш шаклини расмийлаштириш йўли билан амалга оширилади.

(266-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)

Божхона юк декларацияларига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш, уларни қайтариб олиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ушбу моддага мувофиқ белгиланади.