Агар айни бир шахс томонидан муайян вақт ичида бир неча божхона операцияси амалга оширилса, барча бундай божхона операцияларини бажариш чоғида юзага келадиган божхона тўловларини тўлашни таъминлаш учун ушбу Кодекснинг 339-моддасида белгиланган усуллардан бири билан божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминоти тақдим этилиши мумкин, бундан ушбу Кодекс 339-моддасининг иккинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган усуллар мустасно.

Божхона органи божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминотини, агар божхона тўловлари бундай таъминот ҳисобидан ушбу божхона органи томонидан ундирилиши мумкин бўлса, қабул қилади.

Божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминоти товарларни чиқариб юборувчи божхона органига тақдим этилади.

Тўловчи божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминотини ушбу Кодекснинг 336, 337 ва 338-моддаларида белгиланган ҳолларда юзага келадиган божхона тўловларини тўлашни таъминлашга доир бир ёки бир неча мажбурият бўйича тақдим этади.

Божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминоти тўловчининг аризасида кўрсатилган муддатга божхона органлари томонидан қабул қилинади. Бунда божхона тўловларини тўлаш бош таъминотининг амал қилиш муддати тўловчининг аризасида кўрсатилган муддат ичида юзага келадиган божхона тўловларини тўлашни таъминлашга доир мажбуриятларни тўловчи томонидан бажариш муддатларидан кўп бўлиши керак.

Божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминотини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

(339¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)