Давлат бюджетининг лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан:

(95-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)

макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози;

даромадларнинг ташкил топиш манбалари бўйича Давлат бюджети даромадлари прогнози;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет сўровлари ва Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан айрим тадбирлар учун харажатлар ҳажмининг прогнози;

(95-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-660-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/660/1682-сон)

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари лойиҳалари асосида ишлаб чиқилади.

Давлат бюджетининг лойиҳасида харажатлар даромадларнинг прогноз қилинаётган ҳажмидан келиб чиқиб Давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ҳисобга олинган, уни қоплаш манбалари белгиланган ҳолда назарда тутилади.

Давлат бюджетининг лойиҳасида Давлат бюджети даромадлари прогнозидан келиб чиқиб судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини камайтириш мумкин эмас.

(95-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1177-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1177/0923-сон)

Давлат бюджетининг лойиҳаси:

ушбу Кодекснинг 50 ва 69-моддаларига мувофиқ Давлат бюджетининг даромадлар манбалари бўйича даромадлари ва йўналишлар бўйича харажатлари прогнозидан;

Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори миқдори ва уни қоплаш манбаларидан таркиб топади.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан ишлаб чиқилган давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари тушумлар манбалари бўйича даромадлар ва йўналишлар бўйича харажатлар прогнозидан таркиб топади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тақчиллик билан ишлаб чиқишга, агар тақчиллик давлат мақсадли жамғармаларининг йил бошидаги қолдиқ маблағлари билан қопланмаса, йўл қўйилмайди.

(95-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-454-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.01.2018 й., 03/18/454/0493-сон)