Ахлоқ тузатиш ишлари шахс иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат бўлиб, жазо суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади.
Ахлоқ тузатиш ишлари олти ойдан уч йилгача муддатга тайинланади.
Ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етганларга, меҳнатга қобилиятсизларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.
(46-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-411-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 39-сон, 457-модда)
Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами ўттиз кундан кўпроғини ўташдан узрли сабабларсиз бўйин товласа ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетса, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товланган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.
(46-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)