Жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларга нисбатан қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:
а) жарима;
б) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
б¹) мажбурий жамоат ишлари;
(43-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сонли Қонунига асосан «б¹» банд билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 13-сон, 194-модда)
в) ахлоқ тузатиш ишлари;
г) хизмат бўйича чеклаш;
(43-модданинг «д» банди Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 13-сон, 194-модда)
д¹) озодликни чеклаш;
(43-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонунига асосан «д¹» банд билан тўлдирилди — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)
е) интизомий қисмга жўнатиш;
ж) озодликдан маҳрум қилиш;
з) умрбод озодликдан маҳрум қилиш.
(43-модданинг биринчи қисмининг «з» банди Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 июлдаги ЎРҚ-99-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 6-сон, 248-модда)
Маҳкумларга асосий жазолардан ташқари ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ҳам қўлланилиши мумкин.
(43-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)
Хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазолар фақат ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш фақат асосий жазо сифатидагина эмас, балки қўшимча жазо тариқасида ҳам қўлланилиши мумкин.