Адлия органларига ушбу Кодекснинг 215⁵-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир. Адлия органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга қуйидагилар ҳақли:
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ва унинг ўринбосарлари;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари департаменти бошлиғи;
Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири ва унинг ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари.
Ушбу Кодекснинг 175⁹, 197⁸, 198³, 198⁴, 239, 239¹-моддаларида, 239²-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, адлия органларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.
(245²-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-1141-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2026 й., 03/26/1141/0403-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 24 июль)
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома кўриб чиқиш учун ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга юборилади.
(245²-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-896-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2024 й., 03/24/896/0037-сон)