Дахлсизликка эга бўлган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли палатасининг розилиги билан;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини (Болалар омбудсманини) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилиги билан;

3) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзосини — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилиги билан;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг бошқарув ходимларини, шу жумладан улар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясидан ишдан бўшатилганидан кейин беш йил давомида — уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ва ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги учун — Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёзма розилиги билан;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни — Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёзма розилиги билан;

6) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатини, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашининг депутатини — тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашининг розилиги билан;

7) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни (номзодлик мақомига эга бўлган даврда) — Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан.

Судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шарт.

Ушбу Кодекс 313¹¹-моддаси биринчи қисмининг 1 — 6 ва 9-бандларида ҳамда 313¹²-моддасида кўрсатилган шахсларни шахсан кўрикдан ўтказишга, уларнинг ашёларини, транспорт воситаларини кўздан кечиришга ҳамда ашёлари ва ҳужжатларни олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

(ХХIII³ боб Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 14 октябрдаги ЎРҚ-1182-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2026 й., 03/26/1182/1034-сон)

ХХIV БОБ. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШ ЮЗАСИДАН ҚАРОР (АЖРИМ) УСТИДАН ШИКОЯТ БЕРИШ ВА ПРОТЕСТ БИЛДИРИШ

(ХХIV бобнинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-665-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.01.2021 й., 03/21/665/0015-сон)