Орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиб, шу иш юзасидан қарор чиқаради.
Қарорда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак: қарор чиқарган органнинг (мансабдор шахснинг) номи; суд ишининг рақами; иш кўриб чиқилган сана; иши кўриб чиқилаётган шахс тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан ҳуқуқбузар жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами; ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланган ҳолатларнинг баёни; мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат; иш юзасидан қабул қилинган қарор; мавжуд бўлган тақдирда — жабрланувчи жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ёки юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами, шунингдек қарор устидан шикоят бериш муддати ва тартиби.
(309-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 июндаги ЎРҚ-1069-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.06.2025 й., 03/25/1069/0510-сон)
Ушбу Кодекснинг 308¹-моддасида назарда тутилган ҳолларда қарорда ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномани қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги тўхтам ҳам кўрсатилиши керак
(309-модда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-289-сонли Қонунига мувофиқ учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 17-сон, 168-модда)
Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ушбу Кодекс 242-моддасининг 1 ва 3-бандларида кўрсатиб ўтилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан маъмурий жазони қўлланиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш пайтида айбдордан етказилган мулкий зарарни ундириб олиш масаласи ҳам ҳал этиладиган бўлса, иш юзасидан чиқарилган қарорда ундириб олиниши лозим бўлган шу зарарнинг миқдори, уни ундириб олиш муддати ва тартиби кўрсатилади.
(309-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
Иш юзасидан чиқарилган қарорда олиб қўйилган ашёлар ва ҳужжатлар, шунингдек ушлаб турилган транспорт воситалари тўғрисидаги масала ҳам ҳал этилган бўлиши лозим.
Қарор мажлисда иштирок этаётган коллегиал орган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор мансабдор шахс томонидан, органнинг қарори — мажлисда раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш бўйича қарор ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида чиқарилиши ва ижро этиш учун юборилиши мумкин.
(309-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-597-сонли Қонунига асосан саккизинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2019 й., 03/19/597/4193-сон)
Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда жазо қўлланилганлиги тўғрисида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённомага тегишли ёзув ёзиб қўйилади.
(309-модданинг тўққизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)