Судья апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) апелляция шикояти (протести) қонунга мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

(209-модда биринчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

3) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатининг тикланиши рад этилган бўлса;

5) апелляция шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим мавжуд бўлса.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва илова қилинган ҳужжатлар билан бирга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

(209-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, апелляция шикояти (протести) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.