Биринчи инстанция судининг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Биринчи инстанция судининг ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:
1) ажримни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;
2) ажримни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга;
3) аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш, аризани (шикоятни) қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тугатиш, аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни биринчи инстанция судига кўриб чиқиш учун юборишга;
4) ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни кўриб чиқиш учун тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.
(223-модда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)