Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади, қарор ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.

Апелляция инстанцияси судининг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

1) апелляция инстанцияси судининг номи, қарорни қабул қилган суд таркиби, суд мажлиси котиби;

2) ишнинг рақами, қарор қабул қилинган сана ва жой;

3) апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг процессуал ҳолати;

4) ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек улар вакилларининг ва суд процесси бошқа иштирокчиларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

5) талаб предмети;

6) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, уни қабул қилган судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

7) иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;

8) апелляция шикоятида (протестида) келтирилган ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текшириш тўғрисида талаб билдирилишига доир асослар;

9) апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикрда баён қилинган важлар;

10) ишда иштирок этувчи ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;

11) апелляция инстанцияси суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари; суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари учун асос бўлган далиллар; суд қарорни қабул қилишда амал қилган қонунлар ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари; суднинг у ёки бу далилларни рад этишига ва ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган қонунларни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигига доир сабаблар;

(221-модда иккинчи қисмининг 11-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

12) агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори тўлиқ ёки қисман бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди унинг хулосаларига қўшилмаганлигининг сабаблари;

(221-модда иккинчи қисмининг 13-банди Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонунига асосан 2024 йил 1 январдан чиқарилади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон)

14) апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар.

Апелляция инстанцияси судининг қарорида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилади.

(221-модданиг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонунига асосан 2024 йил 1 январдан чиқарилади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон)

Апелляция инстанцияси суди қарорининг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 161-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.