Ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш ҳуқуқидан, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
(84-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.
Ота-онаси (улардан бири)нинг ўзига нисбатан ота-оналик ҳуқуқи чекланган бола турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, шунингдек ота-она ва бошқа қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган мулкий ҳуқуқларини, шу жумладан мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ота-она иккаласининг ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда бола васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига олиб берилади.