Ота-она болани қонунга асосланмасдан ушлаб турган ҳар қандай шахсдан унинг қайтарилишини талаб қилишга ҳақли. Низо чиққан тақдирда, ота-она ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли. Бу талабларни кўришда суд болани ота-онасига қайтариш унинг энг устун манфаатларига зид деган хулосага келса, боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг даъвосини рад қилишга ҳақли.

(78-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 1 июлдаги ЎРҚ-1156-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.07.2026 й., 03/26/1156/0670-сон)

Агар суд ота-она ҳам, болани ўз қарамоғига олган шахс ҳам болага лозим даражада тарбия беришни ҳамда уни камолотга етказишни таъминлай олмайдилар, деб топса, болани васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига олиб беради.