Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот бюджет таснифига мувофиқ муайян давр учун тегишли бюджет даромадлари ва харажатларининг ижроси натижаларидан иборат бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботи қуйидагиларни ўз ичига олади:
бюджет ижросининг балансини;
бюджет даромадларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;
бюджет харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;
бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;
бюджет ташкилотларининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотномани;
бюджетдан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари бўйича тармоқларга, штатларга ва контингентга доир режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни;
бюджет ташкилотларининг номолиявий активлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни.
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисобот бюджет таснифига мувофиқ муайян давр учун тегишли бюджет даромадлари ва харажатларининг ижроси натижаларидан иборат бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:
бюджет даромадларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;
бюджет харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;
бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни.
Туманлар ва шаҳарлар бўйича ғазначилик хизмати бўлинмалари тегишли туманлар ҳамда шаҳарлар иқтисодиёт ва молия бўлимларига туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.
Туманлар ва шаҳарлар иқтисодиёт ва молия бўлимлари ҳисобот даври учун туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича:
юқори турувчи иқтисодиёт ва молия органларига — ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралигача;
тегишли ҳокимликларга — туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни юқори турувчи Иқтисодиёт ва молия органларига тақдим этилганидан кейин бир иш куни ичида тақдим этади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ғазначилик хизмати бошқармалари Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармаларига тақдим этади.
Ғазначилик бўлинмалари томонидан тегишли бюджетларнинг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни иқтисодиёт ва молия органларига тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари:
а) Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 10 февралигача Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига;
маҳаллий бюджет ижросининг бориши тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва тегишли ҳокимликларга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилганидан кейин бир иш куни ичида тақдим этади;
б) ҳисобот даври учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига — ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасигача;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилганидан кейин бир иш куни ичида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ҳамда тегишли ҳокимликларга тақдим этилади.
(165¹ ва 165²-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)