Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якунлари бўйича кейинги чорак биринчи ойининг 25 санасига қадар ўзининг расмий веб-сайтларига:
ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида бюджет маблағларининг тақсимоти;
даврий молиявий ҳисоботлар;
давлат мақсадли жамғармаларидан субсидиялар ва кредит олувчилар;
капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси;
ўтказилган танловлар (тендерлар) ва амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради.
(166¹-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-740-сонли Қонунига асосан бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 03/21/740/1209-сон)
Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг расмий веб-сайтлари мавжуд бўлмаган тақдирда улар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларига ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотни жойлаштиради.
Давлат молиявий назорат органлари молия йилининг биринчи ойида молия йили учун иш режалари тўғрисидаги маълумотларни, ҳар чорак якунларига кўра эса назорат тадбирлари натижалари бўйича аниқланган молиявий ҳуқуқбузарликлар ва ижобий натижалар ҳақидаги маълумотларни чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай ўз расмий веб-сайтларига жойлаштиради.
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ҳамда хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунлари бўйича кейинги чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.
Бюджет маблағларини тегишли тақсимловчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларининг ижро этилиши тўғрисидаги ахборотни биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар кесимида ўз расмий веб-сайтларига ҳар чорак якунларига кўра, чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай жойлаштиради.
(166¹-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини, шунингдек солиқ тўловчилар кесимида тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги ахборотни ўз расмий веб-сайтларига ҳар чоракда чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай, йил якунларига кўра эса келгуси йилнинг 1 апрелига қадар жойлаштиради.
(166¹-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тегишли маҳаллий бюджетлар қўшимча маблағларидан фойдаланилишига доир қарорларни (фармойишларни) улар қабул қилинганидан сўнг уч иш куни ичида мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларига ҳамда «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштиради.
(166¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-740-сонли Қонунига асосан бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 03/21/740/1209-сон)
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни ҳар чорак якунлари бўйича кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар ўз расмий веб-сайтларига ҳамда «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштиради.
(166¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонунига асосан саккизинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
Маълумотни ушбу модданинг биринчи — саккизинчи қисмларида кўрсатилган тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланади.
(166¹-модданинг тўққизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)