Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазони ижро этиш маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг пробация бўлинмаси томонидан амалга оширилади. Маҳкум мажбурий жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойлар (объектлар) ва мажбурий жамоат ишларининг турлари пробация бўлинмалари томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг таклифига кўра белгиланади.

(25¹-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)

Мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахс жазони ўташга суднинг ҳукм қонуний кучга кирганлиги ҳақидаги хабарномаси пробация бўлинмасига келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жалб қилинади.

(25¹-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)

Маҳкумга асосий иш жойидан навбатдаги ҳар йилги меҳнат таътилининг берилиши мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазонинг ижросини тўхтатиб турмайди.

Маҳкум мажбурий жамоат ишларини ўташи даврида Жиноят кодекси 75-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар юзага келган тақдирда, пробация бўлинмаси томонидан судга маҳкумни жазони ўташдан озод қилиш тўғрисида тақдимнома юборилади.

(25¹-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)

Мажбурий жамоат ишлари бепул асосда бажарилади.

Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазонинг ижросини ташкил этиш тартиби ва мажбурий жамоат ишлари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.