Ушбу Кодекс 546³-моддаси биринчи қисмининг 1 — 5, 7, 8, 9 ва 12-бандларида кўрсатилган дахлсизликка эга бўлган шахсларнинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига киришга, уларни кўздан кечиришга, уларда тинтув ўтказишга ёки улардан ашёни олишга, телефондаги сўзлашувларини эшитишга, мазкур шахсларни шахсан кўздан кечиришга ва шахсий тинтув қилишга, шунингдек уларнинг хат-хабарларини, уларга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечиришга, олиб қўйишга ёхуд олишга фақат мазкур шахсларга нисбатан белгиланган тартибда жиноят иши қўзғатилганидан ва уларни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилганидан кейин ҳамда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ва унинг ўринбосарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимларининг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, мазкур шахсларнинг телефондаги сўзлашувларини эшитиш, уларни кўздан кечириш ва шахсий тинтув қилиш, шунингдек уларнинг хат-хабарларини, уларга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олиш фақат тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёзма рухсати ёки суднинг қарори билан амалга оширилади.
Давлат органларининг ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимини, шу жумладан собиқ ходимини у билан меҳнат шартномаси тугатилганидан ёки хизматдан бўшатилганидан кейин икки йил ичида гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилишга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори хабардор этилган ҳолда, белгиланган тартибда йўл қўйилади.
Адвокатнинг турар жойига ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки уларни олиб қўйиш, унинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси ёки суднинг қарори билан амалга оширилиши мумкин.
Мазкур модданинг қоидалари ушбу Кодекс 221-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.