Дахлсизликка эга бўлган шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатишга, уларни жиноий жавобгарликка тортишга ёки уларга нисбатан процессуал мажбурлов чораларини қўллашга ва ушбу Кодекснинг 546¹⁰-моддасида назарда тутилган тергов ҳаракатларини ўтказишга розилик олиш тўғрисидаги тақдимнома дахлсизликка эга бўлган шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатишга ваколатли прокурор томонидан киритилади.

Мазкур тақдимномада:

1) дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахс тўғрисидаги маълумотлар;

2) қилмишнинг ҳолатлари ва дастлабки ҳуқуқий тавсифи;

3) қонунда ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги белгиланган шахсларга нисбатан — қилмиш уларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ эмаслигини кўрсатувчи асослар;

4) ўтказилиши зарур бўлган процессуал ҳаракатлар;

5) қўлланилиши таклиф этилаётган процессуал мажбурлов чоралари кўрсатилади.

Розиликда жиноят ишини қўзғатиш ва жавобгарликка тортиш учун асослар, ўтказилишига рухсат берилган тергов ҳаракатлари ва мажбурлов чораларининг доираси белгиланади.

Ишни судга қадар юритиш босқичида шахснинг хатти-ҳаракатларини розиликда назарда тутилмаган оғирроқ жазо белгиланган модда ёхуд қўшимча модда билан малакалаш учун алоҳида розилик олиниши шарт.