Ундирувни Давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш иқтисодиёт ва молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
(128-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
Ижро ҳужжатлари бўйича тегишли бюджетдан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида кимнинг фойдасига бюджет маблағлари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахслар ёхуд уларнинг вакиллари (бундан буён матнда ундирувчилар деб юритилади) тегишли иқтисодиёт ва молия органларига ижро ҳужжатининг асл нусхасини илова қилган ҳолда ариза тақдим этади. Аризада бюджет маблағлари ўтказилиши талаб қилинаётган ундирувчининг банк ҳисобварағи кўрсатилган бўлиши лозим.
(128-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
Ижро варақаси ёки суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали тақдим этилиши мумкин.
(128-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда)
Иқтисодиёт ва молия органи ижро ҳужжати келиб тушган кундан эътиборан белгиланган тартибда унинг ижро этилишини таъминлайди.
(128-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
Ундирувни давлат мақсадли жамғармалари маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда амалга оширилади.