Давлат харидлари режаларини, шу жумладан режа-жадвалларини шакллантириш ва жойлаштириш тартиби бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик, шунингдек давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда давлат харидларини амалга ошириш чоғида махсус ахборот порталига давлат харидлари бўйича эълонлар жойлаштириш тартибини, мажбурий муҳокама ўтказиш тартиби ва муддатларини ҳамда давлат хариди натижаларини жойлаштириш муддатларини бузиш, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Давлат харидлари тўғрисидаги эълонларга ва харид ҳужжатларига қонунчиликда тақиқланган ҳамда рақобатни чекловчи ахборотни, ҳаволалар ва талабларни киритиш, харид ҳужжатларини тасдиқлаш ҳамда буюртмаларни шакллантириш тартибларини бузиш, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Товарларни, ишларни ва хизматларни етказиб берувчиларни тендер ўтказиш йўли билан аниқлаш талабларини бузиш, шунингдек давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ товарларни етказиб берувчини, иш бажарувчини ва хизмат кўрсатувчини рақобатли харид усули воситасида аниқлаш белгиланган ҳолларда, давлат харидларини ягона етказиб берувчидан ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш, шунингдек комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган давлат харидларини амалга ошириш бўйича тўғридан-тўғри шартномаларнинг комплекс экспертизадан ўтказилишини таъминламаганлик, —
(175⁸-модда учинчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 7 майдаги ЎРҚ-1144-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2026 й., 03/26/1144/0467-сон)
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Давлат харидлари жараёнидаги аффилланганлик ҳақида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик, шунингдек давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилмаган ҳолларда, давлат харидлари бўйича таклифларни қабул қилмаслик ёки таклифларни тақдим этиш муддатларини давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид равишда қисқартириш, шунингдек таклифлар солинган конвертларни очиш ва харид ҳужжатларига мувофиқ таклифларни баҳолаш талабларини бузиш, —
(175⁸-модданинг тўртинчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 июндаги ЎРҚ-931-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2024 й., 03/24/931/0402-сон — 2024 йил 6 декабрдан кучга киради)
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
(175⁸-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январдаги ЎРҚ-666-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.01.2021 й., 03/21/666/0032-сон — 2021 йил 16 апрелдан кучга киради)
Давлат хариди предметининг бошланғич нархи ва унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузиш, бундан талон-торож қилиш ҳоллари мустасно, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
(175⁸-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сонли Қонунига асосан бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1155/0616-сон)